Сомонийлар  даври  бошқарув тизимидаги  ислоҳотлар  ва  қўшин тузилиши.

Бухоро Вилоят Халқ таълими ходимларини  қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти   “Ижтимоий-иқтисодий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Ш.Алимова

 

        Кўҳна   Бухоро   тарихида  Сомонийлар сулоласининг  ҳукмронлик  даври  алоҳида  ўрин  тутади. Бу даврда яшаб ижод этган    жаҳонга  машҳур илм – фан,  маданият ва санъат  арбоблари    дунё  тамаддуни   ривожига   беқиёс  ҳисса   қўшганлар.

        Сомонийлар сулоласининг тарих саҳнасига чиқишида ва ўзига хос давлат бошқарув тизимини жорий этишида Исмоил Сомонийнинг ўрни бениҳоя улкан.  874 йилда Бухоро ноиби қилиб тайинланган  Исмоил Сомоний араб халифалигидан мустақил тарзда марказлашган давлат тузишда ташаббускорлик  қилди.  Исмоил Сомоний  ўз даврининг қобилиятли, серғайрат ва ниҳоятда зукко йирик давлат арбоби сифатида мазкур  Сомонийлар сулоласининг  кўзга кўринган намояндалари,  дин пешволари, зодагонларининг қўллаб-қувватлашлари ва ёрдамлари билан  Мовароуннаҳр ва Хуросондан  Рай ва Казвингача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган давлат ташкил этди. У ўз ворислари Аҳмад ибн Исмоил (907-914) , Наср II  ибн  Аҳмад (914-943)  ва бошқалар ҳукмронлик даврида ҳам ўз нуфузи,    обрў – эътиборини сақлаб қолди.

            Мовароуннаҳрнинг мустақиллигининг барқарорлиги, авваламбор  марказлашган мустаҳкам ҳокимиятнинг қарор топишига боғлиқ эди. Буни яхши англаган  Исмоил Сомоний ўз тасарруфидаги улкан мамлакатни  бошқаришда  даставвал ихчам давлат маъмуриятини ташкил этган.У подшо даргоҳи  ва  девонлар – марказий ҳокимиятдан  иборат  бўлган. Сомонийлар сулоласи  давлати бошида жуда катта ваколатларга эга бўлган Амир турган. Шу сабабли ёзма манбаларда Амир Исмоил, Амир Аҳмад каби таъкидларни учратамиз. Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида Исмоил Сомонийни “Амири  Мозий” деб аталгани ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Амир даргоҳида амир ҳарами, қароргоҳи ва сарой аъёнлари, навкар ҳамда хизматкорларнинг турар жойлари бўлган. Даргоҳда амир фармонларининг ижросини назорат қилиш “Соҳиби ҳорис” – ҳорис амирига юклатилган. Бу ҳақида Низом ул-Мулк: “Амири ҳорис мансаби ҳамма вақт муҳим мансаблардан бири бўлган... Амири ҳорис олий ҳукмдорнинг фармонларини ижро этувчи бўлганлиги сабабли, одамлар ундан,  ҳукмдордан кўра ҳам кўпроқ қўрқар эдилар”,- деб ёзади. Даргоҳ ҳамда бошқа муҳим давлат идораларининг хавфсизлигини амалга ошириш вазифасини бош Ҳожиб ва унинг ходимларига юклатилган. Саройдаги ҳамма хўжалик ишлари Вакил зиммасига бириктирилган. Бундан ташқари сомонийлар саройига эшикоға,  дастурхончи,  шарбатдор каби хизматчилар ҳам фаолият юритган.

 

Ma'lumotlarni yuklab olish: Сомонийлар  даври  бошқарув тизимидаги  ислоҳотлар  ва  қўшин тузилиши.