М.Абдуллаева, БВХТХҚТУМО ҳудудий маркази  “Ижтимоий-иқтисодий фанлар методикаси”   кафедраси катта ўқитувчиси.

 

            Ҳар бир давлатнинг ўз тарихи, ўзига хос танлаган тараққиёт йўли бўлади.  Жумладан , Ўзбекистоннинг ҳам ҳеч бир давлатга ўхшамаган ўз йўли ва тарихи бор. Ўзбек халқи дунё майдонида куни кеча тасодифан пайдо бўлиб қолгани йўқ. У жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, бой тарих, юксак маданият, юксак маънавиятга эга бўлган халқлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун қалтис ва таҳликали даврларда ҳам аждодларимиз умид ва ишонч билан  турли ёвларга қарши курашиб, буюк илмий кашфиётлар қилиб, маърифат машъалини баланд кўтариб, эзгу мақсадлар сари интилиб яшаганлар. Шу боисдан  она  Ватанимиз   тарихини   мустақиллик даври  талаблари асосида янгича   илмий  таҳлил  асосида яратиш зарурати пайдо бўлди. Негаки, мустақиллик даврида  ёш авлод тарихий тафаккурдаги  уйғонишни ўз вақтида  англамоғи ва ўз халқининг  ҳаққоний  тарихи  билан ғурурланмоғи  давр талаби эди.   

     Тарихий хотира ёшликдан сингдирилади ва тарбияланади. Тарих фани ёш авлодда  ўтмишни ўрганиш орқали бугунги ва эртанги кун учун масъулият туйғусини шакллантириш мақсадларига  ҳам қаратилган.    Тарихий хотирани бир бутун яхлит ҳолда шакллантириш учун ёш авлод диққат-эътиборини ўтмишдаги ижобий жараёнлар, тантанавор воқеалар билан бирга ҳодиса – воқеаларнинг мураккаб қирраларига,  тарихий зиддиятлар ва  қарама-қаршиликлар моҳиятига қаратиш, таъбир жоиз бўлса ўтмишимизнинг аянчли ва аччиқ саҳифаларини мустақиллик йилларида шаклланаётган янги тарихий тафаккур кўзи билан таҳлил этишга ўргатишимиз лозим.

    Ёш авлод онги ва қалбида тарихий хотирани шакллантириш орқали миллий ўзликни англаш ва маънавий тикланиш жараёнларини  кучайтиришда собиқ шўро давлати сўнгги йилларидаги Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий тарихини ўргатиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўша давр  суронли воқеа-ҳодисалари ҳақида фикр юритар экансиз, қуйидагилар инсон хотирасида акс этади:

  • 1700 та авария ҳолатидаги мактабларда дарс ўтаётган ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ҳолати;
  • Отасининг жанозасида қатнашгани учун қатағон қилинган фарзандлар доду-фарёди;
  • Томорқасиз ҳамқишлоқларимизнинг оҳу-нолалари;
  • Халқимиз ” иккинчи сорт “  одамлари саналган хўрликлар;
  • Тақдиримизни Богусловский , Бабенколар ҳал қилган зулматли кунлар;
  • Жиноятчилар давр сурган  кўчалар  ва инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган, маъмурий–буйруқбозлик ҳукмронлик қилган адолатсиз жамият;
  • Маънавий илдизларимиз қирқилган йиллар ва Наврўз байрамига ўхшаш кўплаб миллий байрамларимиз эскилик сарқитига ноҳақ айлантирилган ҳамда уларни ўтказишга таъқиқ қўйилган йиллар;
  • Болаларимизнинг хорижда ўқиши 70 йил ухлаб тушимизга кирмаган даврлар;
  • Гидлян-Иванов каби “десантчилар” ноҳақликларидан безиб, тунлари мижжа қоқмай чиққан юртимизнинг асл деҳқонларининг ота-оналари , фарзандлари ва қариндошлари кўз ёшлари;
  • Маҳаллий миллат вакиллари “лаёқатсиз” деб, муҳандис-техник ходимликка олинмаган ва Марказдаги ана шундай олийгоҳларга қабул қилинмаган даврлар;
  • Марказдан тайёрлаб юборилган бузғунчилар ёққан миллатлараро можаролар алангасидан жабр кўрган оилалар тақдири;
  • Уйимизнинг томигача пахта экилиб, тасаввур қилиш қийин бўлган 6млн.тонна пахта етиришни ўзбек халқининг бўйнига бўйинтуруқдек осиб қўйилган даврлар;
  • Ўзбек қишлоқлари аҳолиси устидан бутефос каби заҳарли кимёвий моддалар сепилиб , ёш болалар ва аҳоли ўртасида сариқ касали ҳамда бошқа юқумли касалликлар кўпайган йиллар;
  • Соҳибқирон Амир Темур, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ал-Марғиноний,Насафий, Шошийю Фарғонийлар унуттирилган йиллар;
  • Ҳамқишлоқ ўзбеклар мажлисда бошқа тилда сўзлаган кунлар;
  • Бигиз бармоқлар ўзбекларнинг “зўравон”, “миллатчи” деб камситилган даврлар;
  • Ўзбекистонлик йигит ва қизлар жаҳон олимпиадалари ва спорт ареналарида ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этиши чеклаб қўйилган даврлар;
  • Ўзбек йигитлари гўёки ҳарбий хизматга чақирилиб, кўпчилиги асосан қурилиш батальонларида мардикорлик билан шуғулланган йиллар;
  • Оналар ўлими 2 баровардан кўпроқ, болалар ўлими эса 3 баровар ортган мотамсаро туғуруқхоналар кўз ўнгимиздан ўтади.

         ХXI  асрнинг сўнгги  ўн йиллиги инсоният  тарихида  янги даврни бошлаб берди. Тарихий  тафаккурда ҳам  уйғониш  даври бошланди.  Мустақиллик! Мен бу оташин сўзни тилга олганимда кўз олдимда она Ватаннинг бетакрор манзаралари жонланади. Булардан ҳам энг муҳими, қалбимни тўлқинлантириб, ҳузур бағишлайдигани – фикри теранлашиб, дунёқараши тобора шаклланиб, ўз ҳақ-ҳуқуқини таниётган, эзгуликларга эгиз яшаётган халқ     онгидаги  ўзгариш.Ўзгариш. Етмиш, деймиз-у, балки ундан ҳам кўп йиллар давомида ҳаётидаги камчиликни, ўзгалар томонидан қолиплаштирилиб қўйилган турмуш тарзини "тақдир ёзиғи”, "қисматда бори” деб қабул қилиб, эзилиб, қадди букилиб яшаган халқим учун бу ўзгариш шон олиб келди, шаън ила орият туйғуларини баланд қилди. Ана шу туйғулар силсиласида Ўзбекистон деган давлат қайта бўй тиклади, қалбларда она Ватан, она Юрт, киндик қони томган тупроққа чексиз меҳр уйғонди!Халқ ўзини таниган, ўзлигини англаган  Кун – ўзгаришнинг энг улуғ, энг азиз куни – Мустақиллик ҳар дилга, ҳар уйга, она юртнинг ҳар бир гўшасига нур бахш этди. Нурки – оламларни ҳайратга солгулик!

Ана шу нур оғушида ўз келажаги томон интилаётган халқ ҳаётга мустақиллик йилларининг  ҳар бир лаҳзасида бетакрор ўзгаришлар бахш этди. Биринчи Президентимиз И.А.Каримов томонидан олиб борилган пухта ўйланган давлат сиёсати, мустақиллик даврининг ҳар бир йилини ўзига хос ном билан атаб, йиллар номларига  монанд ишлаб чиқилган давлат Дастурлари доирасида амалга оширилган мислсиз эзгу ишлар халқ билан давлатнинг бир-бирига яқинлашувига мустаҳкам замин яратди. Ана шу заминдан келиб чиқиб, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2017 йилга "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берган лаҳзалар, назаримда, Ўзбекистон халқи учун унутилмас, тарихий кун бўлиб қолди.

Ҳар қандай хайрли ишнинг қаноти бор, дейдилар. Халққа яқин бўлиш, унинг дард-у ташвишлари билан яшаш, халқ орасига кириб бориб муаммоларини ўрганиш бу – давлатимизнинг ўз халқига чексиз ҳурмат ва эҳтироми, эътиборининг ифодаси бўлди. Президент бошчилигидаги ҳукумат халқ олдидаги бурч ва масъулиятини адо этишга, инсон манфаатларини доимо баланд тутишга ҳар лаҳзада тайёр эканлигидан далолат эди бу!

Шу кундан бошлаб Президент Ш.М.Мирзиёев барча бўғиндаги раҳбарларга қатъий талаб қўйдилар: халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак! Жуда қисқа фурсатда Президентимизнинг бу талаби давлат бошқарувида кундалик шиорга айланди ва давлат идоралари билан халқ ўртасидаги бюрократик тўсиқлар олиб ташланди. Янги, 2017 йил шодиёналари  арафасида Президент ўта муҳим, ниҳоятда халқпарвар ҳужжатни имзолади: "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон матбуотда эълон қилинди.

Ушбу Фармонга мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, энг чекка туманларда ҳам Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, халқ билан эркин, тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун барча зарур шароитлар яратилди.

Беихтиёр улуғ бобокалонимиз, ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг инсон кўнглини Каъбага қиёс этгани ёдимга тушади. Таъбир жоиз бўлса, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Pеспубликаси давлат раҳбари сифатидаги илк фаолиятини инсон кўнглини англашдан, авайлашдан бошладилар. Президентимиз меҳр-мурувватнинг буюк тимсолини Навоий даражасида тушуниб, инсонларнинг дард-у ташвишларини ўйлаб яшаш, уларнинг муаммоларини шахсий муаммоси каби қабул қилиш – ҳазрат Навоий таъкидлаганлари каби Каъба вайронлигини обод этишдек савоб иш деб билдилар.

“ Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади, – дедилар Юртбошимиз барча бўғиндаги раҳбарларга қарата. – Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади! “[1]

Бугунги кунда халқ қабулхоналарида оддий одамларнинг мурожаатлари нафақат тингланмоқда, балки жуда қисқа фурсатларда самарали ҳал этилмоқда.Ҳурфикрлиликка асосланган ҳаққоний ва  илмий асосланган  тарихни яратишга  имкон яратилди.   

        Ёш авлодига мустақиллик остонасидаги ҳолатни  ана шундай таҳлил қилиб бериш орқали уларнинг хотирасида  мустақилликни авайлаб- асраш  ва янада мустаҳкамлаш ҳис-туйғулари кучайтирилади. Шунингдек, уларга мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берилар экан, ёшлар онги ва қалбида юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайтирилади.

 

[1]   Шавкат Мирзиёев .   Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. Асарлар 1- жилд, Т., “ Ўзбекистон “ 2017,151- бет.