Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир.

Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.

Мустақиллик даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини юртимиз ва хорижий давлатларда тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, шоир туғилган кун 14 февраль санаси ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Шу жумладан Бухоро вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази Тилларни ўқитиш методикаси кафедраси ўқитувчилари ҳамда марказ АРМ ходимлари билан ҳамкорликда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540 йиллиги муносабати билан"Беназир шох ва шоир" деб номланган давра сухбати бўлиб ўтди. Тадбирда Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилиб, шоирнинг ғазал ва рубоийларидан парчалар ижро этилди.