БУЮК СОҲИБҚИРОН АМИР  ТЕМУР ҲУКМРОНЛИГИ ДАВРИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ВА ҚЎШИН ТУЗИЛИШИ

 

УПРАВЛЕНИЕ ГОСУДАРСТВОМ И СТРУКТУРА ВОЙСК В ПЕРИОД ПРАВЛЕНИЯ ВЕЛИКОГО АМИРА ТЕМУРА  

 

IN THE PERIOD OF GREAT CHIEFTAIN AMIR TEMUR’S DOMAIN, THE RULE OF GOVERN AND ARMY STRUCTURE

 

Шахло Алимова Бафаевна,

Бухоро вилоят халқ таълими ходимларини  қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудидий маркази “Ижтимоий―иқтисодий фанлар методикаси” кафедраси катта ўқитувчиси

 

Аннотация: Ушбу мақолада Амир Темур  ҳукмронлиги даврида  давлат бошқаруви ва қўшин тузилиши ҳақида маълумотлар келтирилган.

 Аннотация: В статье даётся анализ управления государством и структура войск в период правления великого полководца Амира Темура 

Annotation: The issue is about the rule of govern and army structure in the period of great chieftain Amir Temur`s domain.

Таянч атамалар: Амир Темур давлати, кенгаш,  машварату маслаҳат, тузуклар, амирлар, саййидлар, машойихлар, раият, қўшин, даргоҳ(сарой), девон(вазирлик), савқулжайш, таъбиятулжайш.

Ключовые слова: государство Амира Темура, совет, тузуки, эмиры, праведники, простой народ, войска, дворец, везир, аппарат(деван), стратегия, тактика.

Key words:  state of Amir Temur, common people, council, castle, strategy, government, suggestion and advices, rules, army, structure of army, tactics.

Соҳибқирон Амир Темур Мовароуннаҳрдаги мўғул босқинчиларининг 150 йиллик ҳукмронлигига барҳам бериб, ўз замонасининг куч-қудратда тенгсиз марказлашган салтанатига асос солган. Амир Темур ўзининг 35 йиллик ҳукмронлиги даврида Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни ўз ичига олган улкан бир салтанатни вужудга келтирган. Бундан ташқари, яна у Осиёнинг жанубий-ғарбий томонлари, Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимолий-ғарбда Қуйи Волга, Дон бўйлари, шимолий-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёси бўйлари ҳамда жанубий-шарқда Шимолий Ҳиндистонгача бўлган ҳудудларни ўзига бўйсундиришга муваффақ бўлди.

Темур замонасининг буюк салтанатинини барпо қилган бўлса-да, аммо у умрининг охиригача ўзини бу давлатнинг «қонуний» хони деб эълон қила олмаган. Чунки у насл-насаби жиҳатидан бевосита чингизийлар сулоласига мансуб эмас эди. Шунинг учун ҳам чингизийлар томонидан белгиланган анъанага кўра, Темур аввал ўз ҳузурида Мовароуннаҳрнинг Чингизхон авлодидан бўлган ўттизинчи хони Суюрғатмишни (1370-1388) унинг вафотидан кейин эса Суюрғатмишнинг ўғли Султон Маҳмудхонни (1388- 1402) расмий хон қилиб кўтариб, ҳатто умрининг охиригача уларнинг номидан ёрлиқлар чиқартирган, пуллар зарб эттирганди. Аммо ҳар икки хон ҳам номигагина «хон» бўлиб, давлатнинг сиёсий ҳаётига ва Темур берган фармойишларга мутлақо аралашмасдилар. Шунга қарамасдан, Темур мамлакатда ўзининг бевосита ҳукмронлигига қонуний тус бериш ва уни мустаҳкамлаб олиш мақсадида чингизийлар авлодидан бўлган Қозонхоннинг қизи Сарой Мулкхонимга уйланди. 1370 йилда Сарой Мулкхоним билан бўлган никоҳ туфайли Темур ўзининг амирлик даражасига «кўрагон», яъни «хоннинг куёви» унвонини қўшиб олди ва расмий ҳужжатларда «Амир Темур кўрагоний» номи билан юритилишига мушарраф бўлди.

Амир Темур буюк давлат арбоби, сиёсатчи, ўтмиш давлатчилик тажрибаларига асосланиб ўзига хос давлат бошқарувига асос солди. “Темур тузуклари”га мувофиқ, Соҳибқирон Темур “Давлат ишларининг 9 улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англадим”,―деб таъкидлаган. Дарҳақиқат, У юритган салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилган, яъни:1) кенгаш; 2) машварату маслаҳат; 3) қатъий қарор; 4) эҳтиёткорлик[1].

 Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг бошқарувида ва уни янада мустаҳкамлашувида “тузуклари”даги ўн икки қоидага бутун ҳаёти давомида риоя этган.

Темур салтанатида бошқарув идоралари:даргоҳ (сарой) ва девон (вазирлик)- ларга бўлинган.

Даргоҳ―энг олий давлат идораси ҳисобланган ва у албатта, мамлакат пойтахти Самарқандда жойлашган. Унинг бошлиғи олий ҳукмдор, яъни Соҳибқирон Амир Темурнинг ўзи бўлиб, салтанат аҳамиятига молик масалалар унинг фармони ва ҳукми асосида ҳал этилган. Шу билан бирга, салтанат ҳаётига доир энг муҳим сиёсий масалалар олий табақа вакилларидан иборат ҳолда ташкил этиладиган кенгашларда ҳал этилган. Кенгаш маслаҳат берган, бироқ ҳукмни Амир Темурнинг ўзи чиқарган.

Даргоҳ фаолиятини бошқариш, унинг вазирликлар, маҳаллий ҳокимият идораларини салтанат фаолияти билан боғлаб туриш ишларини олий девон- “Девони бузрук” олиб борган. Унга девонбеги бошчилик қилган. Олий девонга ҳар куни тўрт вазир-ижроия идораларидан бош вазир, ҳарбий вазир, мулкчилик ва солиқ ишлари вазири, молия вазири ҳисобот бериб турганлар.

Даргоҳдаги муҳим вазифалардан бири арзбеги ҳисобланган. Унга даргоҳга арз-дод, шикоят билан келганлар ҳамда мамлакатдаги ўз муносабатини билдирувчиларни қабул қилишни уюштириш, тушган арзлар, шикоят ва таклифларни олий ҳукмдорга етказиб туриш вазифаси юклатилган.

Даргоҳда адолат амири лавозими мавжуд бўлиб, у ўлка ва шаҳарларда сипоҳ ва раият орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида олий ҳукмдорга ҳисобот берган.

Даргоҳда тавочи лавозими ҳам бўлиб, тавочи олий фармонга мувофиқ, жойларга бориб ҳарбий юриш учун лашкар тўплаш билан шуғулланган. Даргоҳда бош ҳожиб, ҳожиблар, расмий тадбирлар бошқарувчиси, хазинадор, хонсолар, жибочи, қушчи, қушбеги, котиблар, созандалар, ғазалхонлар, табиблар, фаррошлар каби бир қанча хизматлар бўлган.

Соҳибқирон Амир Темур давлатини вазирликлар асосида бошқарган. Давлатида мамлакат ва раият вазирлиги, ҳарбий вазирлик, мулкчилик ва солиқ ишлари вазирлиги, молия вазирлиги, ташқи ишлар вазирлиги, омонат ишлари вазирлиги, давлат муассасалари вазирлиги ва адлия вазирлиги каби вазирликлар фаолият юритган.

 Амир Темур “Тузуклари”да вазир тутиш тартиби бўйича  шундай деб  ёзган: “...вазирлар ушбу тўрт сифатга эга бўлган кишилардан бўлишлари лозим: биринчиси–асиллик, тоза насллилик; иккинчиси– ақл-фаросатлилик; учинчиси–сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалада бўлишлик; тўртинчиси–сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик”[2].

Амир Темур “Доно вазир–доимо давлат аҳолисини, халқ бахтини, қўшинни кучайтиришни, тўкин-сочин бойликни ўйлайди. Мансабдор агар у халқ билан ёмон муносабатда бўлса, қилган айбининг муқимлигига мувофиқ жарима тўлаши лозим”,-деб таъкидлаган. Агарда вазир давлатга хиёнат қилса,  ўлимга ҳукм қилинган. Умуман олганда, Соҳибқирон Амир Темур салтанати аниқ ва пухта ишланган тизимга мувофиқ фаолият юритган.

Амир Темур замонасининг машҳур саркардаси ва энг йирик лашкарбоши бўлган. Унинг ҳарбий истеъдоди, саркардалик маҳорати қўшинларининг тузилишида ҳамда Олтин Ўрда хони Тўхтамиш, Деҳли султони Маҳмуд ва Туркия султони Боязидлар билан олиб борган жангларида ва шиддатли муҳорабалар майдонида қўллаган «савқулжайш» (стратегия) ва жанг қилиш услублари «таъбиятулжайш» (тактикалари)да намоён бўлган.

Амир Темур қўшини ўнталик аскарий бирикмалар асосида тузилган лашкарлардан иборат бўлган. Лашкар «туман»-ўн минглик, «ҳазора»-минглик, «хўшун»-юзлик ва «айл»-ўнлик бирикмаларига бўлинган. Туманларда аскарларнинг сони 10 минг, қўшинда 100 минг нафардан ортиқ бўлган. Амир Темур ўн минглик лашкарни бошқариш учун «туман оғаси», минглик бўлинмалар учун «мириҳазора», юзликлар учун «хўшунбоши» ва ўнликлар учун эса «айлбоши» каби ҳарбий мансабларни жорий этиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, ойлик маоши белгилаб берилган. Жангларда баҳодирлик кўрсатиб ғалаба қозонган амир учун инъомлар ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, қайси бир амир бирон қўшинни енгса ёки мамлакат ёки вилоят забт этса у туғ, ноғора, баҳодирлик мартабаси, давлат кенгашларига бемалол кириш ҳуқуқи ҳамда бирон вилоятнинг ноиблиги билан сийланган.

Бўлинма бошлиқлари-амирлар Амир Темурга тобе бўлган қирқ аймок, (қабила)дан ўн иккитаси: барлос, арғин, жалоир, тулкичи, дулдой, мўғул, сулдуз, тўғой, қипчоқ, арлот, тотор ва гархонлар орасидан сайлаб олинган. Амирлик мартабаси Темур фаолиятининг дастлабки йилларида унга содиқ бўлган 313 нафар кишига берилган. Булардан биттаси-амир ул-умаро, тўрттаси-бекларбеги, юзтадан-мингбоши, юзбоши ва ўнбоши бўлган. Булардан ташқари яна ўн икки нафар кишига биринчидан то ўн иккинчи даражали амирлик унвонлари берилган. Ўн иккинчи даражали амир одатда амир ул-умаронинг ноиби ҳисобланган.

Ўн икки амирнинг ҳар бирига биттадан байроқ ва биттадан ноғора, амир ул-умарога бир байроқ, ноғора, ўн минглик қўшин - тур ва чортуғ, тўрт нафар бекларбегининг ҳар бирига биттадан байроқ, ноғора, чортуғ ва бурғу (карнай) берилган. Бу нишонлар қўшин бўлинмаларини ҳам фарқлаб турган. Амир Темур аскар ва амирлашкарларга алоҳида эътибор беради. Ҳар бир зобит жанг қилиш услубларини яхши билиши фарз саналган. Оддий навкар низомни қатъий бажаришга мажбур бўлиб, жангда у аёвсиз ва довюрак бўлиши, омонлик истаган душманга юмшоқ муомала қилиши ва адолатли бўлиши лозим ҳисобланган. Қўшинлар ҳарбий юришга чиққан вақтда, айниқса интизомга қаттиқ риоя қилинган.  Ҳар бир бўлинманинг айлбоши, хўшун бошиси, туман оғаси ва қўшин амири ўз ўрнини яхши билган ва унга қатъий риоя қилган. Сафарда энг олдинда ҳар бир қўшин қисмлари билан энг довюрак ва ботир аскарлардан танлаб олинган  хабарчилар деб юритилган айғоқчи-кузатувчилар бўлинмаси юрган. Хабарчилар орқасидан соқчилар бўлинмаси-«хировул» борган. Қўшиннинг асосий қисмлари олдида «манглай»-авангард қисмлар ҳаракатда бўлган. Манглай асосий кучлардан, баъзан эса бир неча туманлардан иборат бўлган. Манглай билан қўшиннинг асосий қисмлари оралиғида эса қўмондоннинг қароргоҳи ва унинг ён атрофида изофа, яъни заҳира (резерв) қисмлар жойлашган. Муҳорабада жанг оқибатини ана шу изофа қисмлар ҳал қилган. Юриш вақтида қўшинлар олдида алоҳида йўл бошловчилар- «кучорчилар» гуруҳи бўлган. Кучорчиларни қўшин қисмлари ўртасида Темурнинг ўзи тақсимлаб берган. Амир Темур қўшини асосий жанговар қисми-  марказ (ғул) ҳамда ўнг қанот (буронғор) ва сўл қанот (жувонғор)лардан иборат бўлган. Ҳар бир қанотнинг олдида қўриқчи манглай-авангард, ён томонлартда ҳам қўриқчи аскарий қўшилмалар - «қанбул»лар бўлган. Шу тариқа қўшин етти қисм-«қўл»лардан иборат бўлиб, булардан учтаси: марказ, буронғор, жувонғорлар мустақил; тўрттаси: икки манглай ва икки канбуллар тобе қисмлар бўлган. Қўшиннинг бундай жойлаштирилишининг ўзига хос томони шунда эдики, унинг қанот-қисмлари марказий қисмига қараганда анча кучли бўлган. Бундан шубҳасиз савқулжайш ҳамда жангда турли хил муҳораба услублари-таъбиятулжайшни қўллаш мақсади кўзда тутилган. Ўрта аср муаллифи Шарофуддин Али Яздий қўшинни етти қўлга-қисмга бўлиб жойлаштириш тартибини биринчи бўлиб, Амир Темур жорий қилганлигини  ёзган. Бу қўллар жангларда мустақил ҳаракат қилиб, фақат қўшин қўмондонига бўйсунган.

Ҳарбий юриш вақтларида йўлларда тўхтаб ўрдугоҳ-қароргоҳ қуришга тўғри келарди. Агар-да ўрдугоҳ душманга яқинроқ жойда жойлашса, унинг атрофига мудофаа иншоотлари-«тўралар», ҳандақлар, «чоҳпар» (чуқур ўра)лар ва «кочи»-марзалар билан ўраб олинарди. Қўшиннинг изофа (резерв) қисмлари қўмондон ўрдугоҳини қўриқлаб турарган. Жанг вақтида улар зарур бўлган жойларда жангга солинган. Қўриқчи қанбуллар эса душман қўшиннинг ўнг ёки чап қанотини ёриб киришига ва ён томонларидан айланиб ўтиб, орқадан зарба беришига йўл қўймасликка ҳаракат қилган. Қанбуллар энг ботир ва тажрибали аскарлардан тузилган.

Қўшинда айниқса у жангга кирган пайтларида пиёда аскарлар алоҳида ўринни тутган. Жанговар сафга тизилган пиёда қисмлар отлиқлардан олдинда турар ва душман ҳужум қилган вақтда чоҳпар ва туралар (мудофаа иншоотлари) орқасига яширинган ҳолда биринчи бўлиб жангга кирганлар. Шунинг учун ҳам қанотдаги туман оға ва қўшин амирлари пиёдалар билан отлиқларни жанговар тартибда жойлаштиришга катта эътибор беришган.

Шу тарзда Темур замонасининг кучли ва энг жанговар қўшинини ташкил қилган. Аскар бошлиқлари ва навкарларини қаршилик кўрсатувчи кучларга нисбатан бешафқат руҳда тарбиялашга муваффақ бўлган. У қўшинни турли-туман жанговар қурол-яроғлар, ўт ва тошотар-раъдандоз, манжаниқ ва ўзиотар қуроллар билан қуроллантирган. Жангларда муҳораба қилишнинг янги услубларини қўллаган. Кўпинча кутилган хавф рўй бермасдан туриб унинг олдини олиш чораларини кўрган.

      Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев: “Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига“Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди”,―деб  таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг  26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев буюк саркарда Амир Темурнинг ҳарбий маҳоратини ёш авлодга ўргатишга ташаббускори бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 июль 2017 йилдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар  иттифоқи  фаолиятини  қўллаб-қувватлаш  тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни  ардоқлаш,  мардлик,  фидойилик  ва  адолатпарварлик  каби  юксак фазилатлари  ёш  авлод  учун  ўрнак  бўлиб  хизмат  қилишини  инобатга  олган ҳолда,  республиканинг  барча  ҳарбий  академик  лицейларига “Темурбеклар мактаби”  номи берилди ва уларда Амир Темур тузуклари ва ҳарбий маҳоратини ўргатишга алоҳида эътибор берилмоқда.Бугунги кунда Соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқаруви ва қўшин тузилиши борасидаги фаолиятидан сабоқ чиқариш юрт тараққиёти ва унинг хавфсизлигини таъминлаш тинчлик ва  осойишталик омили бўлиб қолаверади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

1.Темур  тузуклари [форс тилидан Алихон  Соғуний  ва Ҳабибулло  Кароматов таржимаси], Тошкент, 1991

2.Ибн  Арабшоҳ,  Ажоиб  ал-мақдур фи  тарихи  Таймур  (Темур  тарихида

тақдир  ажойиботлари),  Тошкент,  1992 

3.Низомиддин  Шомий,  Зафарнома,  Тошкент,  1996

4.Шарафуддин  Али  Яздий,  Зафарнома, Тошкент,  1997

5.Муҳаммаджонов  А.,  Темур  ва темурийлар  салтанати  (Тарихий  очерк), Тошкент, 1994

 6.Аҳмедов Б., Соҳибқирон Темур (Ҳаёти  ва  ижтимоий-сиёсий  фаолияти), Тошкент,  1996

  1. Темур ва Улуғбек  даври  тарихи, Тошкент, 1996

8.Амир Темур жаҳон тарихида, Париж, 1996

  1. Ртвеладзе Э. В.,Сайдов А. X., Амир Темур в зеркале мировой истории, Париж, 1996

10.Аҳмедов  Б.  Тарихдан сабоқлар.–Тошкент, 1994.

11.Ўзбекистон миллий энциклопедияси .  –  Тошкент, 2017. 

 

ЭЛЕКТРОН ТАЪЛИМ РЕСУРСЛАРИ

  1. http://www.ziyonet.uz. - ахборот таълим портали
  2. http://www.e-tarix.uz - Ватан тарих сайти
  3. http://www.tarix.uz -  Тарих  фанига  оид  мақолалар,  янгиликлар,          китоблар, тарихий шахслар тўғрисида сайти
  4. http://www.sentralniyasiya.uz -  Марказий  Осиё  ва  Ўзбекистон           худудидаги халқлар тўғрисидаги тарих сайти

 

[1] Темур тузуклари.Тошкент.1991й. 14-б.

[2] Темур тузуклари.Тошкент.1991й. 74-75-б.